Инфекцияланганлар

Соғайганлар

Вафот этганлар

“Айтаверамиз, қайтаверамиз!” ёхуд анъанавий таълимга ўтиш ҳақида талабалар нима дейди?

“Айтаверамиз, қайтаверамиз!” ёхуд анъанавий таълимга ўтиш ҳақида талабалар нима дейди?

Барчангизга маълум, талабалар қишки таътилга йўл олганларидан буён таълим жараёнларида бир неча бор вақтинчалик танаффуслар юз берди.

Эпидемиологик ҳолатни ҳисобга олиб таътил аввал 24 январгача узайтирилди. Ундан сўнг бир ой муддатга яъни, 24 февралгача онлайн таълимга ўтдик. Яқинда эса Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги  7 февралдан анъанавийга ўтилишини маълум қилди. Бу ҳолат юзасидан талабаларнинг фикри қандай?

Шаҳзод Шодмон: “Бизнинг таълим тизими шундайки, онлайни ҳам қусурли, анъанавий ҳам қусурли.

Аслида, ўқийман деган одам ўқийверади. Лекин тан олиш керакки, талабаларимизнинг катта қисми таълим жараёнларига бефарқ қарайди.

Албатта, масофавий таълимдан кўра анъанавий таълимнинг афзалликлари кўпроқ. Бироқ 7 февралдан талабалар роҳат қилиб ўқишни бошлайди деб ким ваъда бера олади. Турар жой қидиради, ота-онамга  оғир бўлмасин деб ишга жойлашишни ўйлайди. Ётоқхона масаласида эса доимгидек коррупция авж олади. Жой топ, иш топ.  Ташвишлар билан қарабсизки сессия ҳам ўз ниҳоясига етади. Ўзи  ота-оналар қарор эълон қилинган илк дақиқалардан  фарзандига пул топиб бериш ҳақида ўйлай бошлашган бўлса ажаб эмас (бечоралар).

Бизнинг таълим тизмимиз ости тешик маҳси-ковушга ўхшайди. Лойдан юрсанг лой киради, қуруқ жойда тикан киради. Ҳарқалай, терисига қўй думбаси суркаб ярқиратиб қўйилган”.

Мансурбек Жабборов: “Тошкентгача етиб келиш ҳам бир муаммо. Вилоятга қатнайдиган таксичилар бу хабардан сўнг йўл ҳаққини икки  бараварга оширгани аниқ. Кўпчилик талабалар келиши билан ижара муаммосига йўлиқади. Фалон сумга вақтинча меҳмонхонада туради, кейин қидириб-қидириб қиммат квартира топади. “Улкан” чиқимлардан ортган уч тўрт сум порахўр ўқитувчиларнинг киссасига кирса, шу билан қарабсизки бир ҳафта ўтар-ўтмас уйидагиларнинг борини шилиб келган толиби илм яна пул сўраб қўнғироқ қилишга мажбур. Бир йил ўқиш учун тўрт йил ўқиганнинг харажатини қиламиз. Ҳаммани ҳам молиявий томонлама мустаҳкам деб ўйласангиз адашасиз. Фарзандини оилй таълимда ўқитаётган кўпчилик оилаларнинг иқтисодий муаммоси бор”.

Шаҳноза Омонова: “ Навоий вилоятиданман, Тошкентда ўқийман. Қишки таътилдан олдин ўқишимга яқин жойда ижарада турардим. Январь ойида карантин сабабли у ерда яшамаётган бўлсам ҳам жой банд қилганлигим учун 50 доллор тўлов қилдим. Онлайн таълимга ўтилганлигини эшитгач яшамасам ҳам пул сарфлайманми деб такси  гаплашиб  нарсаларимни уйимга олиб келдим.  Ҳали бир ҳафта ҳам бўлгани йўқ. Энди 7 февралдан ўқиш дейишяпти. Ўзимни ахмоқдек ҳис қиляпман. Нега устимиздан кулишади, биз уларнинг қўғирчоғи эмасмизку, ҳоҳлаган вақти ўйнайдиган. Нега биз ҳақимизда ўйлашмайди. Икки йилдан буён сарсон саргардон бўлиб юрибмиз”.

Миржалол Раҳимов: “Адашмасам, бу хабарни эшитиб кўпчилик хайрон бўлмади. Бизда одатий ҳолку. Ҳоҳлашса ўқитишади ҳоҳлашмаса йўқ.  Айни дамда эътибор марказида  коронавируснинг янги штамми “омикрон” турибди. Юртимизга касалликнинг бу тури бошқа мамлакатларга нисбатан анча кейин кириб келди. Улар бу жараённи бошдан кечириб бўлган бир даврда бизда жадал суръатларда беморлар сони ошмоқда. Шундай экан ҳали вабони тўлиқ енгмай туриб анъанавий тизмга ўтиш қанчалик тўғри. Талабалар шаҳарларда яшовчиларнинг катта қисмини  ташкил этадику. Вируснинг тарқалиши баттар авж олмайдими?  Касаллик билан курашиб бўлган давлатлар карантинни бекор қилди дегани биз ҳам шундай қилишимиз керак деганими? Қачон ўзгаларга тақлид қилишдан чекинамиз?”

Нима ҳам дердик, талабалик ўзига хос бир давр. Бироқ, ҳали квартира қидирсак, ҳали кантракт тўласак, кўчимизни йиғиб уйга кетсак, яна қайтиб келсак қачон ўқиймиз? Вақт жадаллаб ўтяпти. Эрта-индин олийгоҳни ҳам тугатамиз. Чаласавод кадрларга кимнинг кўзи учиб турибди. Ҳозирча, бундай тез-тез ўзгариб турадиган қонунлар ва тўсатдан чиқариладиган қарорлар бизни шошириб қўйишдан бошқасига яраётгани йўқ.