Инфекцияланганлар

Соғайганлар

Вафот этганлар

Тошкентда 27 ёшли йигит тотализатор сабаб ўзини осиб қўйгани ҳақидаги хабарлар юзасидан расмий маълумот берилди

Тошкентда 27 ёшли йигит тотализатор сабаб ўзини осиб қўйгани ҳақидаги хабарлар юзасидан расмий маълумот берилди

Ижтимоий тармоқларда яна бир йигит тотализатор ўйинлар сабаб ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар тарқалди. Унда Амударё туманида истиқомат қилган 27 ёшли йигит Тошкентда шериклари билан сувоқчилик қилиб ишлаб топган 20 миллион сўмни (шерикларининг улушини ҳам) қиморга тикиб юборгани, шундан сўнг йигит ўзини осиб жонига қасд қилгани айтилган. Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов “Дарё” сўровига асосан расмий маълумот берди.

Унга кўра, Қорақалпоғистоннинг Амударё туманида туғилган йигит Ш.Қ.нинг мурдаси 2021-йил 24-август куни соат тахминан 07:15 ларда Юнусобод тумани, “Ҳасанбой” МФЙдаги уйларнинг бирида ҳақиқатан ҳам дарахтга осилган ҳолда топилган. Аммо у тарқалган хабарда айтилганидек, 27 ёш эмас, 21 ёш бўлган. Йигит қимор ўйинларига қизиқмаган, бирон бир шахсдан қарзи бўлмаган, унинг ўлимига қимор ўйини сабаб бўлмаган.

Терговга қадар текшириш давомида аниқланишича, Ш.Қ. Тошкентга 23-август куни икки ўртоғи билан иш қидириб келган, аммо таклиф қилинган иш унга ёқмаган ва шу куни “Ҳасанбой” МФЙда турадиган қариндошининг уйида тунаб қолган.

Марҳумнинг яқин қариндошлари сўзига кўра, у ўлимидан тўрт кун олдин Қорақалпоғистонда яшовчи ота-онасининг олдига Тошкент Ахборот технологиялар университетига ўқишга киргани сабабли борган, бироқ отаси унинг ўқишига қарши бўлиб, ундан меҳнат қилиб пул топишни талаб қилган. Шу сабаб ота-онаси ўртасида ўзаро жанжал чиққан. Отаси унга меҳнат қилиб пул топмаса ундан воз кечиб юборишини айтгани туфайли йигит тушкунликка тушиб, Тошкентга қайтиб келган.

Суд тиббиёт экспертизасининг 24-августдаги хулосасига кўра, Ш.Қ.нинг ўлими бўйин аъзоларининг сиртмоқ билан сиқилишидан келиб чиққан механик асфикция, ўткир нафас, юрак, қон-томир етишмовчилиги, бош мия ва ўпка шиши, ички аъзолар тўлақонлиги фонида талоқнинг камқонлиги оқибатида юзага келгани, қонидан 1,3 промилли этил спирти топилгани аниқланган.

Ҳолат юзасидан Юнусобод туман прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари ўтказилиб, якунига кўра, 30-август куни Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.